Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг кўмагида ташкиллаштирилган семинарда киберолоамига оид таҳдидлар муҳокама қилинмоқда
ТОШКЕНТ, 2015 йил 20 май – Бугун Тошкентда “Киберолам ва ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) соҳасида хавфсизлик” мавзусида икки кунлик семинар бошланди. Ушбу тадбирда 40дан ортиқ иштирокчи, шу жумладан Австрия, Эстония, Франция, Германия, Швейцария, Буюк Британия, АҚШдан 10 нафар халқаро мутахассислар ҳамда Олий Мажлис, Адлия Вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ташқи ва ички ишлар вазирликлари, илмий доиралар ва таълим муассасалари вакиллари йиғилишди.
Ушбу тадбир халқаро ва миллий мутахассислар ўртасида киберхавфсизликни таъминлаш учун минтақавий ва икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, илғор тажрибалар борасида фикр алмашиш учун шароит яратди. Семинарда, халқаро ва миллий ахборот хавфсизлигини таъминлаш, Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарғиб қилинаётган экстремизм ва терроризмга қарши курашга қаратилган қидирув ва тергов ишлари соҳасидаги илғор тажрибалар борасида фикрлар алмашилди. Тадбирда семинар иштирокчилари томонидан кибержиноятчилик, кибертерроризм соҳасидаги мавжуд таҳдидлар, халқаро ва маҳаллий миқёсда унга қарши кураш борасида қўлланилаётган стратегиялар муҳокама қилинди.
“Кибержиноятчилик - бу ўз қурбонларидан минглаб километр узоқликда жойлашган кибержиноятчилар олдида одамларни ҳимоясиз қилиб қўювчи янги турдаги хатардир”, деди Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи ўринбосари Аброржон Отажонов ўз кириш нутқида ва у ўз нутиқини “Биз бундай турдаги таҳдидларга фақатгина халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилиш ҳамда ҳар томонлама пухта ўйланган миллий стратегиямизни ишлаб чиқиш ва ривожлантириш орқалигина қарши кураша олишимиз мумкин” деб якунлади.
Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) Трансмиллий таҳдидларга қарши кураш департаментининг киберхавфсизлик соҳасидаги маслаҳатчи Бен Хиллернинг айтишича: “ЕХҲТ ўзининг ҳар томонлама ва инклюзив ёндашуви билан ахборот технологиялари соҳасидаги турли таҳдидларга қарши курашда миллий ва халқаро ёндашувлар орасида кўприк бўлиб хизмат қилади ва турли кибертаҳдидларга қарши курашаётган манфаатдор томонларга бир-бирининг саъй-ҳаракатларини ўзаро тўлдирувчи услубда ривожланишга имкон беради”.
Ушбу тадбир Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Трансмиллий таҳдидларга қарши кураш департаменти билан ҳамкорликда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори томонидан Ички ишлар вазирлиги академиясига кадрлар малакасини ошириш тизимини ривожлантириш соҳасида кўмаклашиш битими асосида ташкиллаштирилди.