ЕХҲТ Ўзбекистоннинг ёш журналистлари учун ёзги лагер ташкил этилишига кўмаклашмоқда
ТОШКЕНТ, 2013 йилнинг 21 августи – Бугун Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ЕХҲТ кўмагида ўтказилган ёш журналистлар учун оммавий ахборот масалаларига бағишлаб ташкил этилган ёзги лагер ўз ишини тугатди.
Оммавий электрон ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган ўн кунлик интерактив ўқув-машқ курси Қўшма Штатлардан келган икки мутахассис томонидан ўтказилди, ва унда бутун Ўзбекистондан 32 нафар ёш журналист иштирок этди. Ўқитишнинг мақсади журналистларнинг халқаро тажрибалар асосида таҳлилий материалларни тайёрлашдаги билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда замонавий аудио-видео ускуналаридан фойдаланишдан иборат бўлди.
“Биз ёш журналистларга ҳозирги замон журналистикаси стандартларига мувофиқ уларнинг касбий кўникмаларини оширишда кўмаклашишга умид қиламиз,” – деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори вазифасини бажарувчи Кристоф Опферманн. “Улар олган билимлар вилоятлардаги оммавий ахборот идораларида эшиттиришлар олиб бориш ва репортажлар–журналистик текширувларни ўтказиш стандартларини яхшилашга кўмаклашади.”
Ўқув семинари вилоятлардаги ёш журналистларнинг кўникмаларини такомиллаштириш ишида Ўзбекистон оммавий электрон ахборот воситалари миллий ассоциациясига кўмаклашиш мақсадида ишлаб чиқилган лойиҳанинг бир қисмидир.