ДИИҲБ Ўзбекистонда референдумни кузатиш бўйича чекланган миссиясини очди
ТОШКЕНТ, 2023-йил 28-март – ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг расмий таклифига биноан, 30-апрель куни Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган конституциявий референдумни кузатиш бўйича чекланган кузатув миссиясини очди.
Миссияга элчи Алберт Йонсон бошчилик қилади. Миссия Тошкент шаҳрида жойлашган 10 нафар халқаро экспертлардан ташкил топган асосий гуруҳдан ҳамда 5 апрелдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб жойлаштириладиган 14 нафар узоқ муддатли кузатувчилардан иборат.
Миссия референдумнинг ЕХҲТ мажбуриятлари ва мамлакатнинг бошқа халқаро мажбуриятлари ҳамда демократик сайловлар ва референдумлар ўтказиш стандартларига, шунингдек, миллий қонунчиликка мувофиқлигини баҳолайди.
Кузатувчилар референдумнинг барча жиҳатларини, жумладан, референдумдан олдинги ва кейинги жараёнларни диққат билан кузатиб борадилар. Ҳуқуқий асосларга мувофиқлик, сайловолди ташвиқотини, жумладан, ижтимоий тармоқларда олиб борилиши, шунингдек, референдум комиссияларининг барча даражадаги фаолияти, референдум бўйича низоларни ҳал қилиш ва жараённи оммавий ахборот воситаларида ёритиш алоҳида эътибор йўналишларидир. Шунингдек, кузатувчилар ДИИХБнинг сайловлар бўйича олдинги тавсияларининг бажарилишини баҳолайдилар.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва халқаро ҳамжамият вакиллари билан учрашувлар кузатув миссиясининг ажралмас қисмини ташкил этади.
Референдум кунининг эртасига миссиянинг дастлабки хулосалари матбуот анжуманида тақдим этилади. Бутун референдум жараёнини баҳолаш ва тавсияларни ўз ичига олган якуний ҳисобот референдумдан бир неча ой ўтгач эълон қилинади.
ОАВ билан алоқалар учун масъул ходимлар:
Катя Эндрюз, ДИИХБнинг матбуот котиби: [email protected] ёки +48 609 522 266
Элма Шехалич, Референдумни кузатиш бўйича чекланган миссиясининг Медиа таҳлилчиси: [email protected]