ЕХҲТ/ДИИҲБ (Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуҳуқлари бўйича бюроси) Ўзбекистон Республикасида парламент сайловларини баҳолаш бўйича миссиясини очмоқда
2009 йил 3 декабр Тошкент - бугун ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистонда 27 декабр куни ўтказиладиган парламент сайловларини баҳолаш бўйича миссияни очди.
Миссиянинг жойлашиши Ўзбекистон ҳукумати органларининг таклифига биноан ташкил қилинди.
Миссияга Элчи Жоланда Брунетти (Италия) раҳбарлик қилмоқда ва миссиянинг таркиби ЕХҲТга аъзо бўлган 13 та давлатдан келган 14 та халқаро экспертлар ва ёрдамчи ходимлардан иборат.
Экспертлар Ўзбекистонда сайловлар ўтказилишининг умумий тизимини, шунингдек, ДИИҲБнинг аввалги тавсияларининг бажарилишини баҳолайдилар ва улар бўйича ҳисобот тузадилар. Миссия сайловнинг ҳуқуқий асосларига, сайлов кампанияси, марказий ва туман босқичидаги сайлов маъмуриятининг фаолияти, ҳамда ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнига эътиборни қаратади. У оммавий ахборот воситалари муҳитини ва оммавий ахборот воситалари орқали сайловларнинг ёритилишини ҳам баҳолайди.
Келгуси ҳафталарда экспертлар пойтахт, яъни Тошкент шаҳрида, ва бошқа вилоятларда давлат ҳокимияти органлари, номзодлар, сиёсий партиялар, суд ҳокимияти, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар ўтказади.
ДИИҲБ овоз бериш жараёни, овозларни санаш ёки сайлов кунидаги жадваллар ҳисоботи устидан систематик ёки ҳар томонлама кузатув олиб бормайди, бироқ таҳлилчилар гуруҳи жараённи кузатиб бориш мақсадида мамлакат бўйлаб бир қанча сайлов участкаларига ташриф буюришни режалаштирмоқда.
Сайловларни баҳолаш бўйича миссия Ўзбекистонда шу йилнинг 31 декабригача бўлади. Сайлов жараёни тугаганидан сўнг, тахминан икки ой ўтиб, ДИИҲБ якуний ҳисоботни чоп этади.